Ўзбекистон БАА нинг ҳукумат акселераторини яратиш тажрибасини ўрганмоқда

2019 йилнинг 3-8 ноябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (ИТИМ) делегацияси Бирлашган Араб Амирлигида (БАА) бўлиб қайтди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг шу йил март ойида БААга расмий ташрифи якунлари бўйича давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш, узоқ муддатли ривожланиш стратегиясини ишлаб чиқиш, давлат органлари фаолиятига янгиликлар киритиш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида келишувга эришилган эди. Мазкур келишув доирасида Ўзбекистонда ҳукумат акселераторини амалга оширишда яқиндан ҳамкорлик қилиш кўзда тутилган.

Маълумки, Бирлашган Араб Амирлиги Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида ҳукумат акселератори фаолият олиб боради. Давлатлар ўртасидаги келишувлар доирасида БАА ҳукумати Ўзбекистонда бундай институтни очиш ва унинг ходимларини тайёрлашда кўмаклашишга тайёр эканлигини билдирган.

Ушбу ташриф давомида ИТИМ раҳбарияти ва масъул ходимлари БАА ҳукумати томонидан ташкил этилган "Ҳукумат акселератори ўқув устахонаси" да (Government Accelerators Training Workshop) ташкил этилган тренинг машғулотларида иштирок этди. БАА ҳукумати акселератори мамлакатнинг 2020 йил стратегиясини амалга оширишга кўмаклашувчи муҳим тузилма сифатида ташкил этилган бўлиб, унинг асосий мақсади давлат бошқарувида қарор қабул қилиш жараёнини янгича фикрлаш орқали тубдан ўзгартириш ҳисобланади (ўзгариш менежменти).

Ташриф давомида БАА ҳукумати акселераторининг методологияси ва Гарвард университети мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган амалий тадқиқотлар атрофлича ўрганилди. Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг акселератори дастлабки босқичда манфаатдор вазирликлар ва идоралар томонидан 100 кун ичида ўрганилиши лозим бўлган устувор масалаларни аниқлади.

Ташриф давомида ИТИМ раҳбарияти БАА ҳукумати аъзолари билан бир қатор учрашув ва музокаралар ўтказди. Хусусан, БАА Бош вазири аппаратининг Стратегия ва инновациялар бўйича бош директор ўринбосари Худа ал-Хашими ҳамда Давлат имкониятлари ва лидерлик бўйича бош директор ўринбосари Яссер Алнақби ва БАА ҳукумати акселератори директори Радҳия ал-Ҳашимилар билан музокаралар ўтказди.

Музокаралар чоғида БАА ҳукумати аъзолари Ўзбекистонда давлат бошқарувини яхшилаш борасида амалга оширилаётган сўнгги ўзгаришлар ва ислоҳотлар жуда муҳим ва ўз вақтида амалга оширилаётганини таъкидлади. Хусусан, Ўзбекистон Президентининг Виртуал ва халқ қабулхоналари тажрибаси катта эътиборга лойиқдир. Амирлик томони Ўзбекистон билан алоқаларига алоҳида аҳамият қаратилаётганини таъкидлаб, мавжуд келишувлар билан чекланиб қолмасдан Ўзбекистонда ҳукумат акселераторини амалга оширишда фаол иштирок этиш ниятини билдирди.

Ташриф якунида ИТИМ ва БАА ҳукумати Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги ҳукумат акселератори ва Амирликнинг келажак ишлари вазирлиги вакили Ўзбекистонда ҳукумат акселератори фаолиятини ташкил этишда хорижий экспертларни жалб қилиш орқали ёрдам кўрсатиш бўйича келишувга эришилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузурида
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Жамоатчилик билан алоқалар хизмати