Бухоро вилоятининг 2022 йил январ-июнь макроиқтисодий кўрсаткичлар таҳлили

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг Самарқанд филиали ходимлари Давлат статистика қўмитаси ҳисобот маълумотларига асосланиб, Бухоро вилоятининг 2022 йилнинг I ярим йилликда эришилган асосий макроиқтисодий кўрсаткичларининг ўзгариш динамикасини таҳлил қилишди.

Ушбу даврда Бухоро вилояти ЯҲМ ҳажми 19 476,5 млрдсўмни ташкил этган холда ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 104,1% га ўсган, шунингдек ЯИМ таркибида вилоятнинг ҳиссаси 5,0% ни ташкил этган. Аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯҲМ ҳажми эса 9818,7 минг сўмни ташкил қилган ўтган мос даврга нисбатан 102,5% га ошган.

Ҳудуд иқтисодиётининг барча тармоқларида яратилган ялпи қўшилган қиймат ҳажми ЯҲМнинг 95,0%ини ташкил этган бўлса, махсулотларга соф солиқлар эса 5,0%ини ташкил этган.

ЯҲМнинг тармоқлар бўйича таркибида саноат улуши қурилишни қўшган ҳолда 28,8% (2021 йилда 26,9%), қишлоқ хўжалиги улуши 37,3% (2021 йилда 39,9%) ва хизмат кўрсатиш улуши 33,9% (2021 йилда 33,2%) ни ташкил қилган.

Республика макроиқтисодий кўрсаткичларининг шаклланишида вилоятнинг ҳиссаси аҳамиятли ҳисобланади. ЯИМда вилоятнинг ҳиссаси 5,0%ни ташкил этиб ҳуддудлар ичида 8-ўрин, республика саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришдаги ҳиссаси 4,6%ни ташкил этиб 6-ўрин, асосий капиталга инвестициялар киритиш 10,0%ни ташкил этиб 3-ўринни эгаллаган.

Вилоят аҳоли жон бошига асосий иқтисодий кўрсаткичларни ҳисоблаганда республика бўйича ўртача кўрсаткичларидан юқори. Жумладан, аҳоли жон бошига ЯҲМ ҳажми, хизматлар соҳаси, асосий капиталга киритилган инвестициялар соҳалари бўйича ҳудудлар ичида 4-ўрин аҳамиятлидир.

Баҳодир Ҳусанов
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Самарқанд филиали ходимлари