Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази экспертлари Ўзбекистон ҳудудларида ишбилармонлик фаоллигининг ўсиш сабабларини тушунтирди
Ўзбекистон Республикаси ҳудудларида ишбилармонлик фаоллиги таҳлили ҳар ойда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан тезкор маълумотлар асосида (республиканинг барча соҳалари бўйича ўтказилган мониторинг, Давлат божхона қўмитаси, ДСҚ, МБ ва ЎзРХТБ) ҳисоблаб чиқилади.
Мониторинг натижалари шуни кўрсатдики, жорий йилнинг 1 январидан 30 сентябригача бўлган даврда республикада солиқ тушумлари ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 17,3%га ошган.
Жумладан, Фарғона (39,5%), Самарқанд (35,4%), Сирдарё (33,2%), Хоразм (32,7%), Бухоро (32,2%) вилоятларида, Қорақалпоғистон Республикасида (33,4%) ва Тошкент шаҳрида (42,2%) солиқ тушумларининг сезиларли ўсиши қайд этилди.
Умуман олганда, кўриб чиқилаётган даврда солиқ тушумларининг кўпайишига бир вақтнинг ўзида бир қатор ўсиш омиллари таъсир кўрсатди.
Электрон ҳисобварақлар тизимини, онлайн касса тизимини жорий қилишни кенгайтириш ҳисобига, шунингдек аҳолига харид қийматининг 1 фоизини кэшбек сифатида қайтариб бериш тартибининг жорий қилиниши натижасида қўшилган қиймат солиғи (республика бўйича даромаднинг ўсиши – 32%) ва айланмадан олинадиган солиқ (49%) тушумлари ўсди.
Иқтисодий фаолликнинг ортиши натижасида рентабеллик даражасининг ошиши субъектлар томонидан тўланадиган фойда солиғини 38%га оширишига сабаб бўлди.
Таҳлил қилинаётган даврда божхона тўловлари бўйича тушумлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 40,3%га ошди. Божхона тушумларининг энг катта ўсиши Андижон (61,2%), Сирдарё (48,0%), Жиззах (45,8%), Хоразм (48,6%) вилоятларида Қорақалпоғистон Республикаси (56,9%), ва Тошкент шаҳрида (46,5%) кузатилди.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази таҳлилига кўра, божхона тўловларидан олинадиган даромаднинг ўсишига таъсир кўрсатган асосий омиллар 2022 йил январ-август ойларида импорт ҳажмининг ўтган йилнинг шу даврига нисбатан деярли 20 фоизга ошиши бўлди.
Давлат божхона қўмитаси маълумотларига кўра, йил бошидан 30 сентябрга қадар товарлар экспорти ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 25,5%га ошган. Товарлар экспорт ҳажмининг сезиларли ўсиши Самарқанд (35,5%), Андижон (35,3%), Сирдарё (31,0%), Қашқадарё (29,2%), Наманган (29,1%), вилоятларида ва Тошкент шаҳрида (55,3%) қайд этилди.
Ўзбекистон экспортининг ўсиши саноат маҳсулотлари, озиқ-овқат маҳсулотлари, кимё ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортининг ўсиш суръатлари билан изоҳланади.
Товар экспортининг қисқариши, Сурхондарё (10,0%), Бухоро (5,4%) вилоятларида ва Қорақалпоғистон Республикасида (10,2%) кузатилди.
Экспорт ҳажмининг камайиши Бухоро вилоятида пахта толасининг ички бозорга йўналтирилганлиги билан, Қорақалпоғистон Республикасида пластмасса ва ундан тайёрланган маҳсулотлар, ип-калава ва (қизилмия илдизидан тайёрланадиган) фармацевтика маҳсулотлари экспортининг камайиши билан, Сурхондарё вилоятида мева-сабзавот маҳсулотлари (дуккакли ўсимликлар, помидор, мош, пиёз) экспортининг камайиши билан боғлиқ.
Жорий йилнинг 1 январидан 30 сентябригача бўлган даврда тижорат банклари томонидан берилган кредитлар ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 6,6%га ўсди.
Берилган кредитлар ҳажмининг ўсиши Фарғона (29,8%), Тошкент (24,0%), Самарқанд (17,7%), Андижон (16,1%) вилоятларида, Қорақалпоғистон Республикасида (18,3%) ва Тошкент шаҳрида (11,3%) кузатилган.
Таҳлил қилинаётган даврда Ўзбекистон Республикаси товар-хомашё биржасида тузилган битимлар ҳажми 41,3%га ўсди. Биржада савдо фаоллигининг сезиларли ўсиши Хоразм (60,5%), Жиззах (58,3%), Навоий (46,6%), Самарқанд (46,1%) вилоятларида ва Тошкент шаҳрида (53,6%) кузатилди.
Ушбу ҳудудларда тузилган битимлар ҳажмининг ўсиши минерал ўғитлар, техник чигитлар, автомобил бензини, дизел ёқилғиси, қурилиш ва хўжалик материаллари, ўсимлик ёғи, буғдой уни, буғдой, шакар, пахта толаси, қора ва рангли металлар, полиэтилен, полипропилен, этил спирти ва бошқа маҳсулотлар савдосининг кўпайиши ҳисобидан эришилган.
Таҳлил қилинаётган даврда 70 563 та янги хўжалик юритувчи субъектлар ташкил этилиб, уларнинг энг кўпи Самарқанд (8 398), Қашқадарё (6 812), Фарғона (6 720), Тошкент (5 212), Хоразм (4 567) вилоятларида ва Тошкент шаҳрида (11 700) рўйхатга олинган.