Обид Ҳакимов: аҳолининг мурожаатлари, кўтарилаётган долзарб масалалар бўйича бир қатор таклифлар ишлаб чиқилди

Президент Шавкат Мирзиёев 26 июль куни аҳоли турмушини яхшилаш ва тадбиркорлар фаоллигини оширишга қаратилган таклифлар муҳокамаси юзасидан йиғилиш ўтказди, деб хабар бермоқда Президент матбуот хизмати.

Йиғилишда аҳоли ва бизнесни қийнаб келаётган муаммолар, улар бўйича илгари сурилаётган таклиф ва ташаббуслар муҳокама қилинди. Асосли таклифларни қаноатлантириш, одамлар учун қулайликларни ошириш бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берилди.

Президент халқимизни рози қилиш, тадбиркорликни ривожлантириш учун барча шароитларни яратиш барча раҳбарларнинг энг устувор вазифаси бўлиши кераклигини таъкидлади.

Йиғилишда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Ҳакимов ҳам иштирок этиб, аҳоли томонидан бўлаётган мурожаатлар, таклифлар, долзарб масалалар ва уларнинг ечимларини илгари сурди.

"Ўзбекистон Республикасининг ақлий марказлари – Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази, Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар маркази ва Ўзбекистонда янги ташкил қилинган Стратегик ривожлантириш агентлиги томонидан аҳолининг мурожаатлари, халқ орасида бўлаётган муҳокамалар, кўтарилаётган долзарб масалалар бўйича бир қатор таклифлар ишлаб чиқилган. Мана шу таклифлар бугун давлатимиз раҳбари олдида презентация қилиб, кўрсатиб берилди.

Бу билан давлатнинг аҳолини қийнаб келаётган муаммоларини яна бир марта кўриш ва ушбу таклифларни янада чуқур ишлаш бўйича қилинган ҳаракатлардан бири бўлди. Давлат раҳбари ақлий марказлар раҳбарлари билан ҳар битта қилинаётган таклифларни узоқ муҳокама қилди. Шунингдек, давлат раҳбари томонидан аҳолининг турмуш-тарзини енгиллаштирадиган, тадбиркорлар фаолиятига янада ижобий таъсир қиладиган таклифларни амалга ошириш бўйича алоҳида кўрсатмалар берилди.

Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, умумий маълумотлар баъзаси бўлган Президент Халқ қабулхоналари институтига келиб тушаётган мурожаатлар орқали ҳар битта йўналиш, ҳар битта ҳудуд ва тадбиркорлик бўйича қайси муаммолар ҳозир долзарб ва биз қайси муаммоларни ечишимиз керак, деган саволларга жавоб топсак бўлади.

Провардида, Халқ қабулхоналарининг фаолиятини янада ривожлантириш, бу ерга келиб тушаётган мурожаатларнинг ҳар битта йўналиши бўйича ижобий ҳал қилиш тизимини енгиллаштириш бўйича Президентимиз томонидан алоҳида кўрсатма берилди", дейди Обид Ҳакимов.

 

Таъкидлаб ўтиш керакки, сўнгги йилларда барча соҳа ва йўналишларда фундаментал ислоҳотлар амалга оширилди. Тараққиёт стратегияси мамлакатимизда ривожланишнинг янги босқичини бошлаб берди. Инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш унинг биринчи мақсади этиб белгиланган.

Иқтисодиёт ва ижтимоий ҳаётдаги барча соҳалар инсон манфаатларини таъминлашга қаратилган. Хусусан, жорий йилнинг биринчи ярмида ялпи ички маҳсулот 5,4 фоиз ўсган. Саноат, қурилиш, савдо ва хизматлар соҳаларидаги ривожланиш суръатлари ҳам, пировардида, аҳоли турмушида намоён бўлмоқда.

Шу билан бирга, Халқ қабулхоналари, ижтимоий тармоқлар ва сўровлар орқали соҳа ва ҳудудлардаги муаммолар, одамларнинг адолатли таклифлари ўрганиб борилмоқда. Улар асосида халқимизни рози қиладиган қарорлар қабул қилинмоқда.

Жумладан, тадбиркорлик бўйича лицензия ва рухсатномаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, муддатлари қисқартирилди. Йил бошидан буён 50 мингдан ортиқ янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилди. Аҳоли сотиб олган уйларнинг 28 фоизи ипотека кредитлари ҳисобига молиялаштирилди. 1 сентябрдан бошлаб хусусий секторда ишлаётган аёлларга ҳам давлат бюджетидан 2 миллион сўмлик ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси тўлаб бериш тўғрисида қарор қабул қилинди.