Навоий вилоятининг 2022 йил январ-июнь макроиқтисодий кўрсаткичлар таҳлили
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази экспертлари Давлат статистика қўмитаси ҳисобот маълумотларига асосланиб Навоий вилоятининг 2022 йилнинг II чорагида эришилган асосий макроиқтисодий кўрсаткичларининг ўзгариш динамикасини таҳлил қилишди.
Ушбу даврда Навоий вилояти ЯҲМ ҳажми 32 149,8 млрд. сўмни ташкил этган холда ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 106,4% га ўсган, шунингдек ЯИМ таркибида вилоятнинг ҳиссаси 8,3% ни ташкил этган. Аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯҲМ ҳажми эса 30 943,0 минг сўмни ташкил қилган ўтган мос даврга нисбатан 104,2% га ошган.
Ҳудуд иқтисодиётининг барча тармоқларида яратилган ялпи қўшилган қиймат ҳажми ЯҲМнинг 97,8%ини ташкил этган бўлса, махсулотларга соф солиқлар эса 2,2%ини ташкил этган.
ЯҲМнинг тармоқлар бўйича таркибида саноат улуши қурилишни қўшган ҳолда 76,0% (2021 йилда 75,4%), қишлоқ хўжалиги улуши 11,0% (2021 йилда 12,3%) ва хизмат кўрсатиш улуши 13% (2020 йилда 12,3%) ни ташкил қилган.
Республика макроиқтисодий кўрсаткичларининг шаклланишида вилоятнинг ҳиссаси аҳамиятли ҳисобланади. ЯИМда вилоятнинг ҳиссаси 8,3%ни ташкил этиб ҳуддудлар ичида 4-ўрин, республика саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришдаги ҳиссаси 16,6%ни ташкил этиб 10- ўрин, асосий капиталга инвестициялар киритиш 7,0%ни ташкил этиб 7-ўринни эгаллаган.
Вилоят аҳоли жон бошига асосий иқтисодий кўрсаткичларни ҳисоблаганда республика бўйича ўртача кўрсаткичларидан юқори. Жумладан, аҳоли жон бошига ЯҲМ ҳажми, хизматлар соҳаси, қишлоқ хўжалиги соҳалари бўйича ҳудудлар ичида 4-ўрин аҳамиятлидир.